XS.UZ
Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Соғлом авлод — давлат ва жамият таянчи Аҳоли билан мулоқот ва амалий тажриба «Профилактика куни» тадбирлари бошланди Қулай инвестиция муҳити иқтисодиётимиз юксалишига хизмат қилмоқда «Олтин қалам»: Ижодий изланиш ва рағбат Тадбиркорларга янги имтиёз ва имкониятлар Журналистика соҳасида «Олтин қалам» XII Миллий мукофоти Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ободлик ва фаровонлик кўзгуси Омбудсман 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотни депутатларга тақдим этди Ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишнинг муҳим босқичи Дўстлик ва ҳамжиҳатлик тараннуми Мурожаатларга оид амалий қўлланма Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Президенти Россия Ҳукумати раисининг ўринбосарини қабул қилди Ҳукуматлараро комиссия мажлиси Устувор вазифалар белгилаб олинди Қишлоқ хўжалигини модернизациялаш Таълим-тарбия соҳасига янгича ёндашув — барқарор тараққиёт гарови Алломалар меросига юксак эҳтиром Ижодий ҳамкорлик ва  маданий учрашувлар Яхши сўз, хайрли ташаббус Туркманистон Президенти билан телефон орқали мулоқот Туркманистон Президенти билан телефон орқали мулоқот Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида Улуғ шоирга эҳтиром Боқий қадриятлар эъзози «Бундай юксак ишончни, албатта, оқлаймиз!» Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш — давр талаби
  • 12 Апрель 2014

Асл олтин

Дунёда бир хазина бор. Ундан дуру гавҳарларни олаверинг, асло тугамайди. Қайтанга кўпаяверади. У тоғлар бағрида ҳам, ер остида ҳам эмас. Уни осмону фалакдан ҳам изламанг. Бебаҳо-ю, беқиёс бойлик у. Оламнинг сўнгсиз сирлари, ҳайратга солгувчи мўъжизалари шу хазина ичра жамулжам.

У дунёни ёритиб туради. Нурафшонлигини айтмайсизми? Ёруғлигидан ҳовуч-ҳовуч симирганингиз сайин тафаккурингиз нурланиб бораверади. Қалбингизни эса қудратли ҳис қиласиз. Кўзларингиз равшанлашади. Юзингизда тўлин ой балқийди. Гиёҳлар, гуллар, дарахтлар... бори сизга юрагини очади. Улар билан сирлашасиз, дардлашасиз.
Ҳаёт кўз ўнгингизда бошқача: бир ажиб гўзалу бир нажиб малоҳатли.
Бу “хазина”нинг нелигини аввал билмаганман. Ундан инжулар олиб, гавҳарлар териб, олмосларни саралаб юраверганман. Университетда ўқиётганимда бир куни ногаҳон маърузалардан бир лаҳза тин олиб, устоз айтдилар: “Бу буюк хазина, чексиз бойлик...” Кун сайин англайвердим, жаҳоннинг жами хазиналари унинг олдидан ўтаверсин. Асл тоза олтинлар, кўнгилларнинг жавҳарлари унда. Инсон руҳиятининг маъною маржонлари унда...
Номини айтмасам ҳам бу хазинани яхши биласиз. Олтин мақолларсиз, гавҳару дур достонларсиз, сирли жавоҳир эртакларсиз, шода-шода ўланларсиз, маржон-маржон аллаларсиз, тилло сувидан ярқираган ёр-ёрлару айтишувларсиз... ҳаёт гўзал бўлгаймикан?!
Яқинда бир ажиб суҳбатда бўлдим. Турмушнинг елиб-югуришларида, чопа-чоп ташвишларида бир сония хаёлим фаромуш бўлган экан, шекилли. Бирдан ҳушёр тортдим.
Жарқўрғоннинг Боймоқли деган қишлоғида Ўроқ Кенжаев деган отахон яшайди. Сўзлари доно-доно. Фикрлари олтин-олтин. Давра бобога тикилган. Қоматдор. Алпомиш келбатли. Салобат билан гапираяптилар:
— Элнинг гапи етти пуштдан ўтиб келади. Оғири йўқ гаплар охурда қолиб кетади. Кавшаётган жониворларга емиш у. Халқ зеру забарини жойига қўйиб айтган:
Қолмадими бобо-момонгдан белги?!
Олмадингми ота-онангдан улгу?!
Азизларнинг йўлидан юрсангиз, азиз бўласиз. Аҳмоққа қўшилган — тўқмоқ ейди. Элнинг яна бир гапини айтайин сизга:
Сен агар ҳаётдан олмасанг сабоқ,
Бошингда синади бир кун тош табоқ.
Тўрт томонга қараб-қараб, олдингга юринг, омон бўласиз, ёмон бўлмайсиз. Оёғингизнинг остини кўрмай қолсангиз, чуқурга тушиб кетасиз. Кўзингиз очиқ бўлса, дунёни кўриб борасиз...
Отахоннинг суҳбатидан кўнгил ёришиб, устозимнинг сўзини эсладим: “Бу буюк хазина, чексиз бойлик...”

Менгнор ОЛЛОМУРОД.

Оҳанг сеҳри
Куй-қўшиқ, мусиқа инсоннинг доимий ҳамроҳи. Баъзида недандир ранжиган одамнинг кўнглини овлашда ширинсўз ҳам ожизлик қилади, аммо дилкаш наво қалб тубига етиб борса, дилдаги ғуборни тарқатиши бор гап. Шунинг учун бўлса керак, бирор кунимиз йўқки, мусиқа тингламасак ёхуд қўшиқ эшитмасак. Президентимиз “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида бу ҳақда   шундай ёзади: “Барчамизга аёнки, куй-қўшиққа, санъатга муҳаббат, мусиқа маданияти халқимизда болаликдан бошлаб, оила шароитида шаклланади. Уйида дутор, доира ёки бошқа чолғу асбоби бўлмаган, мусиқанинг ҳаётбахш таъсирини ўз ҳаётида сезмасдан яшайдиган одамни бизнинг юртимизда топиш қийин, десак, муболаға бўлмайди”.
Мустақиллик йилларида аждодларимиздан мерос ана шундай мусиқа санъатини ривожлантиришга янгича муносабат шаклланмоқда.  Жумладан, мумтоз мусиқа санъатимизни чуқур ўрганиш, унинг нозик сир-асрорларини ўзлаштириш мақсадида кўплаб кўрик-танловлар, нуфузли халқаро мусиқа анжуманлари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Бу ўринда жаҳон аҳлининг эътиборини қозонган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали алоҳида таърифга молик. Президентимиз ташаббуси билан асос солинган ушбу фестиваль бебаҳо қўшиқлар янграйдиган, дунёнинг етук санъаткорларини чорлайдиган юксак шодиёнадир. Бунда тан олинган овоз, эътироф этилган иқтидор беллашади. Ҳар гал ушбу санъат анжуманида қатнашар эканман, қалбимда фахру ифтихор туяман. Фестивалда янграган ҳар бир қўшиқ бугун етишиб чиқаётган кўплаб ёш ижрочилар учун мактаб вазифасини ўтайди, десам, хато эмас. Бинобарин, асл қўшиқ миллат танламайди, қалбларга бесўроқ кириб боради, ўз оҳанги ила забт этади.
Қўшиқ — тарбия. Унда айтилган сўз дилдан чиққан бўлса, бу тарбиянинг таъсирчанлигини оширади. Шу боис сўз айтишда ниҳоятда эҳтиёткорлик талаб этилади. Элга танилган, мухлислари бор санъаткорларнинг улуғ шоирларимизнинг сўзини бузиб талаффуз қилишлари эса тушунмасликдан келиб чиқади. Шундай ҳофизларимиз борки, уларнинг ҳар бир ижроси ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади. Чунки ғазал куйга солинса, тингловчига тез етиб боради ва таъсир қилади. Шу маънода, ёшлигимдан Алишер Навоийнинг ижодидан баҳра олиб келаман. Навоий сиймоси мактаб йилларидаёқ ўқитувчимиз ҳикоя қилиб берган ривоятлар орқали хотирамда муҳрланиб қолган. Бора-бора шоирлар султони ғазалларисиз ижодимни тасаввур қилолмаслигимни англаб етдим. Лўнда қилиб айтсам, бугунгача эришган ютуқларим Навоий зиёсининг шуълалари туфайлидир.
Бугун муҳташам Ўзбекистон давлат консерваториясида ёшларга сабоқ бераяпман. Бу даргоҳ нафақат мамлакатимизда, балки минтақамизда ягона бўлган санъат маскани ҳисобланади.
Шундай масканнинг қурилиши, жиҳозланишига Президентимизнинг шахсан ўзлари юксак эътибор бердилар. Мазкур даргоҳнинг очилиш маросимида нутқ сўзлаб, бу ердан мумтоз санъатимизнинг муносиб ворислари етишиб чиқишига, улар Ватанимиз номини муносиб улуғлашларига катта ишонч билдирган эдилар.
Бугун бор тажрибамиз ва салоҳиятимизни ишга солиб, давлатимиз раҳбарининг ана шу ишончини оқлашга ҳаракат қилаяпмиз.

Маҳмуд ТОЖИБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизи.

Кимда-ким манман деб, ўзини баланд тутса, уни на халқ, на Тангри севади.

Аҳмад ЮГНАКИЙ.

Эл назаридан қолай десанг, такаббур бўл.

МОТУРИДИЙ.

Такаббурга салом берма, саломга жавоб қайтариш унга оғирлик қилади, жавоб бермагани эса сенга оғир туюлади.

КОШИФИЙ.

Ҳадис
Улуғлар дейдики:
Кимки бирор дарахт ёхуд бирор экин экса-ю, унинг ҳосилидан инсон, қуш ёки ҳайвон еса, бунинг учун унга ажру савоб ато этилур.
Азму  жазм  билан  иш  тутдим.  Бирон  ишни  қилиш-га  қасд  қилган  бўлсам,  бутун  зеҳним, вужудим билан боғланиб, битирмагунимча ундан қўлимни тортмадим.

Амир ТЕМУР.

Эҳтиром

Эл севган шоир
Тошкент давлат шарқшунослик институтида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигига бағишланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу кечада мамлакатимизда миллий адабиётимизни равнақ топтиришга оид чора-тадбирлар навқирон авлод маънавиятини юксалтириш, ҳар жиҳатдан баркамол, мустақил ва теран фикрли инсонларни вояга етказишдек эзгу мақсадларга хизмат қилаётгани алоҳида  таъкидланди.
Президентимизнинг 2013 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишларнинг амалий намунасидир.
Бинобарин, шоир озод ва обод Ватанимизни, истиқлолимизни, бағрикенг халқимизни содда, таъсирчан мадҳ этган ижодкор  сифатида шеърият ихлосмандлари қалбидан чуқур жой олган.
Тадбир давомида шоирнинг институт профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлар томонидан Шарқ ва Fарб тилларига  таржима қилинган “Ёшлар мадҳияси” шеърлар тўпламининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Шунингдек, анжуман иштирокчилари учун Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижодига бағишланган видеофильм намойиш этилди.

Дилфуза ҚАРШИБОЕВА.

Ҳикмат

Қушча ва одам
Бир одам кичик қушчани тутиб олди.
Қушча сўради:
— Мени нима қилмоқчисан?
— Сўйиб емоқчиман, — деди ҳалиги одам.
— Мени сўйиб нима қиласан, қорнингга урвоқ ҳам бўлмайман-ку, — деди қушча ёлвориб, — яхшиси, қўйиб юбор. Майли десанг, сенга учта ҳикмат айтаман. Бу ҳикматлар, башарти унга амал қилсанг, ҳаётда асқатиб қолади.
— Сени албатта қўйиб юбораман, қани, айт ўша ҳикматларингни.
— Биринчиси, — деди қушча, — бирон нарсани қўлдан бой берсанг, асло ўкинма, иккинчиси — топилмайдиган нарсани қидириб овора бўлма, учинчиси эса йўқ нарсага умид боғлама.
— Бу ҳикматлар менга бир тўғрам гўштдан афзалроқ, — деди ҳалиги одам ўз-ўзига ва қушчани қўйиб юборди.
Қушча “пирр” этиб учди-ю, деворга бориб қўнди ва деди:
— Э, нодон, агар мени сўйганингда фойда кўрардинг. Қорнимда каптар тухумидек лаъл бор эди.
Ўша одам қилиб қўйган ишидан пушаймон бўлди ва қушчани аврай кетди:
— Кел, азизим, ёнимга қайт. Сени тоза кунжуту булоқ суви бериб парвариш қиламан.
— Энди сўйиб емаганингга ўкинаяпсан, — деди қушча ҳалиги одамга. — Нима, мен айтган панд-насиҳат дарров эсингдан чиқдими?! Овора бўлма, энди мени ҳеч қачон тутолмайсан. Ўзим бармоқдек бўлсаму каптар тухумидай лаъл менинг қорнимга қанақасига жой бўлди экан?
Қушча шундай деди-ю,  аллақаёқларга учиб кетди.

Шуҳрат САТТОРОВ тайёрлади.

Дурдона
Айтгувчи нодон бўлса,тингловчи доно керак.

Жанжалли жойда оғзингни очма.

Дорининг аччиғи яхши, сўзнинг – ширини.

Ўзбек халқ мақоллари.

Табаррук қадамжолар

«Кўп эҳсонлари бор эди»
Юртимизнинг ҳар бир гўшасида халқимиз азиз биладиган зиёратгоҳу қадамжолар кўп. Имом ал-Бухорий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг зиёратгоҳлари, айниқса, кўнгилларни поклагувчи, эзгу орзу-умид, ният ва мақсадларни бирлаштирувчи маънавият ҳамда маърифат масканлари сифатида беназирдир.
Қадимий Хоразм воҳасида ҳам бундай муқаддас манзиллар  кўп. Шулардан бири, шубҳасиз, Хожа Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳидир. Шовот туманининг Бешмерган қишлоғида жойлашган бу қадамжо кўп йиллар давомида эътиборсиз ва қаровсиз қолганди.
Истиқлол қуёши балқиб, унинг ёғдуси мазкур зиёратгоҳни ҳам нурафшон қилди. Бу ерда кенг кўламли таъмирлаш, кенгайтириш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.  Зиёратчилар учун махсус меҳмонхона, ёзги ва қишки айвонлар қурилди, шунингдек, маскан ҳудудида масжид барпо этилди. Мақбара устида гумбаз қад ростлади.
Тарихий манбаларда Хожа Юсуф Ҳамадоний ҳазратларининг муборак номлари эҳтиром билан тилга олинади. Хусусан, Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” асарида ул зот “имом, олим, орифи раббоний, гўзал ҳоллари, кўп эҳсонлари, юксак каромот ва мақомотлари бор эди”, дея таърифланган.
Юсуф Ҳамадоний 1048 йилда (айрим манбаларда 1049 йил) Ҳамадонда дунёга келган. 18 ёшида  Ҳамадонни тарк этиб, Шарқ ва Ўрта Осиё мамлакатларига илм ўрганиш учун йўлга чиққан. Умрининг катта қисмини Самарқанд, Бухоро ва Хоразмда ўтказган.
Али  Сафий  шундай ёзади: “Хуросон ва Хоразм ва Мовароуннаҳрда соҳиби қабул эрдилар...  Самарқанд ва Бухорода ифодат ва истеъфода этдилар ва ҳадис ўқидилар ва мавъиза айтур эрдилар ва халқлар андин наф олдилар”.
 Алломанинг “Ҳаёт мезони”, “Инсон ва коинот ҳақида” ҳамда бошқа кўплаб асарлари нашр қилинди.  Улар бугунги кунда Ватанимиз тарихи, улуғ бобокалонларимиз ҳаёти ва фаолиятини, маънавий ҳамда маърифий меросимизни чуқур ўрганишда муҳим манбалар ҳисобланади.

Сотим АВАЗ.

Ўрик гуллаганда
Деразамнинг олдида бир туп
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади...
Новдаларни безаб ғунчалар
Тонгда айтди ҳаёт отини
Ва шаббода қурғур илк саҳар
Олиб кетди гулнинг тотини.
Ҳар баҳорда шу бўлар такрор,
Ҳар баҳор ҳам шундай ўтади,
Қанча тиришсам ҳам у беор
Еллар мени алдаб кетади.
Майли, дейман ва қилмайман ғаш,
Хаёлимни гулга ўрайман;
Ҳар баҳорга чиққанда яккаш,
Бахтим борми, дея сўрайман.
Юзларимни силаб-сийпалаб,
Бахтинг бор, деб эсади еллар.
Этган каби гўё бир талаб,
Бахтинг бор, деб қушлар чийиллар.
Ҳамма нарса мени қаршилар,
Ҳар бир куртак менга сўйлар роз.
Мен юрганда боғларга тўлар
Фақат бахтни мақтаган овоз:
“Мана сенга олам-олам гул,
Этагингга сиққанича ол,
Бунда толе ҳар нарсадан мўл,
То ўлгунча шу ўлкада қол.
Умрида ҳеч гул кўрмай йиғлаб
Ўтганларнинг ҳаққи ҳам сенда.
Ҳар баҳорни йиғлаб қаршилаб
Кетганларнинг ҳаққи ҳам сенда...”
Деразамнинг олдида бир туп
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади...

Ҳамид ОЛИМЖОН.

Марвак — саломатликка тиргак
Ўлкамиз тупроғи доривор гиёҳларга бой. Улардан бири марвак ўсимлигидир.
Марвак мамлакатимизнинг қир-адирлари ҳамда боғу роғларида табиий ҳолда ўсади. Илк кўкламда униб-ўсиб, саратонда етилади. Одатда, марвакдан халқ табобатида кенг фойдаланиб келинади. Хусусан, ушбу гиёҳнинг дамламаси меъда-ичак касалликлари, юракнинг тез уриши, пешоб тута олмаслик каби хасталикларга малҳам бўлади. Шунингдек, кишида иштаҳасизлик, томоқ қақраши кузатилса, дарҳол марвак дамламасини ичган маъқул.
Замонавий тиббиётда ҳам марвак қатор касалликларни даволашда тавсия этилади. Оғиз бўшлиғи, томоқ яллиғланиши ҳамда иситмалаш, сил касаллигига қарши қўлланилади.
Ушбу ноёб дориворнинг таркибида флавоноидлар, қатрон, ошловчи моддалар, органик кислоталар, дармондорилардан Р, РР витаминлари ва маълум миқдорда эфир мойи мавжуд.
Айни баҳорда ушбу ўсимлик баргларидан тайёрланган дамлама фитонцидларни сақлаб, киши организмидаги зарарли микробларни бартараф қилади ва саломатликни тиклашга ёрдам беради.

Доно ХЎЖАЕВА,
олий тоифали доришунос.

Мазкур рукиндаги бошқа мақолалар: « На қилдим санга ман, ёрим Ихтиёрий муаммо »

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган