XS.UZ
Яхшилик асло унутилмайди Нефть-газ саноатида илк кластер яратилади 123,7 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилди Тарихий кошин юртимизга қайтарилди Тадбиркорликнинг самарали тармоғи Қалб қўри, меҳри ва саховати тафтидан ўнлаб истеъдодли санъаткорлар камолга етди Режасини ўзгартирмайди Эзгулик тараннуми Маънавий туҳфа Қадимий университетлар Ватани Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллик байрами қатнашчиларига Атоқли санъаткор хотирасига эҳтиром Пойтахтимизнинг «жанубий дарвозаси» янада қулай, шинам ва кўркам бўлади Академия профессионал кадрлар тайёрлаш маскани бўлмоғи лозим Дори-дармон таъминотида сунъий тақчиллик юзага келмайди Сув келтирган элда азиз Ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги даражага олиб чиқиш йўлида Академик Борис Бондаренко Изланиш ва янгича ишлаш самараси аҳоли бандлигини таъминлашда ўз ифодасини топмоқда Жиноятга жазо муқаррар, аммо... Ривожланиш истиқболлари муҳокамаси Ҳамюртимиздан ўтадигани топилмади Нодир асарлар хазинаси «Ягонасан, муқаддас Ватан!» Сиёсий партиялар: Амалий ишлар билан халқ ишончини қозониш мумкин Солиққа оид ўзгаришлар тадбиркорлар манфаатларига хизмат қилади Ишбилармон хотин-қизлар ташаббуси қўллаб-қувватланмоқда Хорижий инвестор: яратиб берилаётган имкониятлардан мамнунмиз Осуда ва хотиржам ҳаёт «Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она»
  • 13 Март 2015

Сайловолди ташвиқоти тенг шароитларда ўтказилмоқда

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси ўзининг қизғин палласига кирди. Барча партиялардан кўрсатилган номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари жойларда сайловолди ташвиқот ишларини амалга оширмоқдалар.

Ушбу жараёнда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзоднинг Сайловолди дастурида илгари сурилган мақсад-вазифаларни кенг тарғиб қилиш, партиянинг барча даражадаги ташкилотлари иштирокида сайловолди ташвиқотини кўтаринки руҳда ва юқори савияда ташкил этишга қаратилган ишлар фаол олиб борилаётир.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати қошида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича штаб раҳбари Абдукамол РАҲМОНОВ билан ана шу ҳақда суҳбатлашдик.
— Бугунги кунда юртимиздаги барча сиёсий партиялар фаолиятида, ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, тарихий жараёнлар кечмоқда, — дейди А. Раҳмонов. — Зеро, мамлакат Президентини сайлашдек катта ижтимоий-сиёсий воқеадан бирон-бир фуқаро четда қолиши мумкин бўлмаганидек, сайлов ҳар қандай сиёсий партия фаолиятида жуда муҳимдир.
Юртимиз сиёсий майдонида 20 йилдан буён фаолият юритиб, ўз ғояларини, дастурий мақсад ва вазифаларини амалиётга татбиқ этиб, халқимиз муайян қатламининг сиёсий иродасини, манфаатларини ҳимоя қилиб келаётган, ўз электоратига, хайрихоҳларига эга бўлган Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам мазкур муҳим сиёсий тадбирда ўз номзоди билан иштирок этмоқда.
Албатта, ҳар бир сиёсий партия демократия кўзгуси бўлмиш сайловларда қатнашар экан, ўзининг ғояси, мақсад-муддаоларини акс эттирувчи сайловолди дастурини ишлаб чиқади ва шу орқали сайловчилар ишончини қозонишга ҳаракат қилади.
Шу нуқтаи назардан, аввало, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Наримон Умаровнинг дастурида илгари сурилган энг устувор йўналишлар хусусида қисқача тўхталиб ўтиш жоиз.
Номзодимиз дастуридаги ғоялар партиямиз Сайловолди дастурида илгари сурилган йўналишлардан келиб чиққан.
Масалан, барча соҳаларда қонун устуворлигига эришиш, кучли ижтимоий сиёсат олиб бориш, жамоатчилик назоратини қўллаб-қувватлаш ҳамда иқтисодиётда инновацион ғояларни жорий қилиш ва муқобил энергетика тизимини барпо этиш каби масалалар шулар жумласидандир.
Унда “Инсон — мамлакатнинг асосий бойлиги”, “Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони, адолат — ҳар бир инсон учун” каби тамойилларни ҳаётга кенг жорий қилиш асосий вазифа сифатида белгиланган.
Ушбу вазифаларни амалга оширишда эса, аввало, қонун устуворлигини таъминлаш, ёшидан, миллатидан, ижтимоий-иқтисодий аҳволи, келиб чиқишидан қатъи назар, барчага тенг имкониятлар тақдим этиш, ижтимоий адолат тамойиллари, фуқаролар ҳуқуқлари, қонуний манфаат ва эркинликларини ҳимоя қилиш устувор йўналишлар сифатида белгиланган.
Дастурнинг сайловчиларга мақбул бўладиган жиҳатларидан бири унинг жаҳон амалиётида кўп йиллар мобайнида синовдан ўтган ва тан олинган социал-демократия ғояларининг миллий менталитетимизга уйғунлашганлигидадир.
Қисқача айтганда, унинг мазмун-моҳияти, тузилиши, устувор йўналишлари ҳамда унда илгари сурилган ғоялар мамлакатимиз тараққиётининг кейинги беш йилига ҳар томонлама мосдир.

— Сайлов кампанияси даврида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
— Бугун юртимиздаги барча сиёсий жараёнлар демократик тамойиллар асосида ва кучли рақобат шароитида ўтаётганлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Бу жараёнда сиёсий партиялар катта ғоявий ва амалий тажриба орттириш билан бирга, ички ҳамда ташқи -сиёсат масалалари бўйича ўз қатъий позицияларини белгилаб олдилар, сиёсий партиялар орасида соғлом рақобат муҳити кузатилмоқда.
Бўлажак сайловни режали ва самарали ташкил қилишда партиямизнинг Марказий, ҳудудий ҳамда маҳаллий сайлов штаблари (жами 208 та) таянч тузилмалар вазифасини -ўтамоқда.
Сайлов штабларимиз сайловга оид барча ҳуқуқий ҳужжатлар, қўлланмалар, партиямиз дастурий ғояларини ва номзодимизни тарғиб қилувчи ташвиқот материаллари ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган. Ҳудудий сайлов штабларимизга ҳудудий партия ташкилотлари раҳбарлари масъул этиб белгиланган бўлиб, улар Марказий ва округ сайлов комиссиялари билан мустаҳкам ҳамкорликда сайлов кампаниясини уюшқоқлик билан олиб боришаяпти.
Сайлов кампанияси давридаги ташкилий-сиёсий тадбирларнинг юқори савияда ўтказилишини таъминлаш мақсадида ҳудудий ҳамда маҳаллий сайлов штабларимиз раҳбарлари учун марказий сайлов штабимиз томонидан семинар ва сиёсий ўқувлар ташкил этилди. Уларда масъулларга Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партиямиздан кўрсатилган номзод ҳамда унинг ишончли вакиллари жойларда ўтказаётган учрашувларни қонунда белгиланган тартибда, юқори савияда, таъсирчан усуллар ва воситалар асосида ташкил қилишни таъминлаш, халқаро кузатувчилар билан учрашиш, оммавий ахборот воситалари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, сайлов штабида фуқароларнинг қабули учун шароитлар яратиш, сайловчиларнинг савол ва мурожаатларига ўз вақтида жавоб қайтариш каби ишлар бўйича маслаҳат, кўрсатмалар берилди. Уларнинг сиёсий билим ва тажрибалари мустаҳкамланмоқда.
Ўз навбатида, ҳудудий сайлов штабларимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиб борувчи партия кузатувчилари учун семинар-тренинглар ташкил этаётир. Уларга сайлов қонунчилиги бўйича кузатувчининг ҳуқуқ ва ваколатлари, мажбуриятлари тушунтирилиб, керакли қўлланма ва кўргазмали воситалар билан таъминланмоқда.
Жойларда ўтказилаётган учрашувлар, семинар ва бошқа тадбирлар ҳамда ОАВда эълон қилинаётган чиқишлар ҳақидаги ҳар кунлик маълумотлар партия Марказий штабида йиғилиб, мониторинг қилиб борилмоқда. Бу эса сайлов кампанияси даврида ташкилий ишларни тизимли равишда олиб бориш, уларнинг таъсирчанлиги ва самарадорлигини ошириш имконини бераяпти.

— Сайловолди ташвиқоти жараёнида қандай шакл ва усуллардан фойдаланилмоқда?
— Шу ўринда сайловолди ташвиқотини барча сиёсий партиялар учун тенгликда, бир хил шароитларда ташкил этишда Марказий ва округ сайлов комиссияларининг фаоллигини, ташаббускорлигини алоҳида эътироф этиш жоиз. Айниқса, ушбу жараёнда барча сиёсий партияларга бир хил, тенг имкониятлар яратилган бўлиб, адолат тамойиллари тўлиқ таъминланмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам яратилган барча имкониятдан самарали фойдаланган ҳолда, Президентликка номзоднинг жойларда ўтказилаётган учрашувларида, оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлари ҳамда муҳокамаларда сайловчиларнинг қўллаб-қувватлашига, бўлажак сайловларда уларнинг овозини олишга қаратилган фаол сайловолди ташвиқотини амалга ошириб келмоқда. Сайловолди -ташвиқотининг барча кўринишларида энг замонавий шакл ва услублардан кенг фойдаланилаётир.
Айниқса, бу борада Марказий сайлов комиссияси ҳамда округ сайлов комиссиялари қарорлари билан Марказий ва маҳаллий ОАВда барча сиёсий партиялар учун ажратиб -берилган тенг миқдордаги нашр майдонлари ҳамда эфир вақтларидан унумли фойдаланиш баробарида, партия расмий веб-сайти www.adolat.uzда ва “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетасида қонунчиликда белгиланган тартибда чекланмаган миқдорда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бораяпмиз.
Айни кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент, Қашқадарё, Сурхондарё, Андижон, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳар сайловчилари билан учрашди. Учрашувларда сайлаш ҳуқуқига эга бўлган ёшдаги фуқаролар иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олмоқдалар. Таклиф-мулоҳазаларини билдиришаяпти. Номзод билан юзма-юз суҳбатлашишмоқда.
Табиийки, номзодимиз сайловолди ташвиқоти жараёнида ўз Сайловолди дастурининг афзалликларини ёритиб беришга ҳамда шу тариқа сайловчилар ҳурматига сазовор бўлишга бор куч-ғайратини сафарбар қилаяпти.
Шу билан бирга, Президентликка номзоднинг ишончли вакиллари ҳам белгиланган жадвал асосида республикамиз ҳудудлари бўйлаб сайловчилар билан учрашувларни фаол олиб бормоқдалар. Хусусан, бугунги кунга қадар ишончли вакиллар томонидан туман ва шаҳарларда
87 маротаба учрашувлар ўтказилди. Жонли мулоқот ҳамда савол-жавобларга бой тарзда кечаётган мазкур учрашувларда ишончли вакиллар томонидан Наримон Умаровнинг Сайловолди дастуридан ўрин олган устувор вазифалар кенг жамоатчилик вакиллари орасида тарғиб қилинмоқда.
Президент сайлови кампаниясининг демократик тамойилларга ҳар томонлама мос тарзда ўтаётганининг яна бир далили сифатида шуни қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга нисбатан сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш чоғида ҳам, сайловолди йиғилишларида сўзга чиқиш, телевидение кўрсатувлари ва радио эшиттиришларида қатнашиш вақтида ҳам, келгуси фаолият дастурлари билан таништиришда ҳам ҳеч қандай чекловлар, бирон бир тўсиқларга йўл қўйилиши кузатилмаяпти.
Энг муҳими, жойларда сайловолди ташвиқоти доирасида ўтказилаётган учрашувларда сайловчиларнинг фаол иштироки уларнинг номзодлар сайловолди -дастурлари, мамлакат аҳамиятига молик масалалар юзасидан номзодларнинг нуқтаи назарлари билан қизиқаётганликларида яққол намоён бўлмоқда. Айни пайтда -сайловчилар билан учрашувлар чоғида мамлакатимиз фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш бўйича сайловолди кампаниясида ихтиёрий равишда қатнашиши, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродаларини эркин билдиришлари устидан назорат этилишига йўл қўйилмаслиги бўйича қонунчиликда белгиланган меъёрларга тўлиқ амал қилинаётгани эътиборга моликдир.
Буни мамлакатимизга сайловларни кузатиш бўйича ташриф буюрган халқаро кузатувчилар ҳам сайлов округлари ва сиёсий партияларнинг сайлов штаблари фаолияти билан танишиш асносида эътироф этмоқдалар.

— Сайловолди ташвиқотини самарали амалга оширишда оммавий ахборот воситалари алоҳида ўрин тутади. Партиянинг бу борадаги ишлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Ҳақиқатан ҳам, ташвиқот ишларининг таъсирчанлигини ошириш ҳамда фуқаролар орасига янада чуқур кириб боришда айнан ОАВ муҳим роль ўйнайди.
Миллий қонунчилигимизга мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларга ташвиқот юритиш учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг имкониятлар яратилган. Бу имкониятлардан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод унумли фойдаланмоқда.
Хусусан, шу кунга қадар “Халқ сўзи”, “Народное слово”, “Правда Востока” газеталарида сайловолди ташвиқоти фаолиятимизга доир 12 та мақола чоп этилди.
Шунингдек, 16 февралдан бошлаб, Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаровнинг сайловчилар билан ўтказган учрашувлари Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг марказий ва -ҳудудий телеканалларидаги информацион дастурларда фаол ёритилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон МТРКнинг “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” телерадиоканалларида ҳамда маҳаллий телеканалларда номзоднинг сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувлари эфирга икки маротабадан тўлиқ узатиб келинмоқда. Партиянинг дастурий мақсад ва ғояларини ифодаловчи роликлар намойиш этилаяпти.
Президентликка номзод ҳамда унинг ишончли вакиллари томонидан сайловчилар билан учрашувлар ҳақида маҳаллий босма нашрларда шу кунга қадар жами 100 дан ортиқ мақола эълон қилинди. Шу билан бирга, юқорида қайд этилган марказий нашрлар ва 30 га яқин маҳаллий газеталарда Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси -Президентлигига номзод Наримон Умаровнинг таржимаи ҳоли ҳамда дастури 5 та тилда тўлиқ чоп қилинди.
Қолаверса, Президентликка номзоднинг сайловолди ташвиқоти давридаги фаолияти ва унга доир хабарлар республика ахборот агентликлари ҳамда маҳаллий ҳокимиятлар электрон сайтларида, 10 дан ортиқ информацион порталларда, мамлакатимиздаги мавжуд нодавлат оммавий ахборот воситаларида ҳам эълон қилинмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сайловолди ташвиқотининг муҳим воситаларидан яна бири ташқи реклама ва жозибадор шиорлар саналади. Айни пайтда сайловолди ташвиқоти доирасида марказда ва ҳудудларда Президентликка номзод Наримон Умаровга овоз беришга чақирувчи жами 829 та баннер ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида тайёрланиб, реклама тахталарига жойлаштирилди.
Шунингдек, партия номзодининг таржимаи ҳоли ва Сайловолди дастури акс этган “Адолат” газетасининг 5800 нусхадаги 2 та сони ҳамда 80000 нусхадаги ўзбек ва рус тилларида
чоп этилган брошюралар ва кўп минг сонли босма тарғибот материаллари -тарқатилмоқда.
Мухтасар айтганда, сайловолди ташвиқоти даврида ОАВ орқали чиқишлар ва фуқаролар билан учрашувлар орқали вакилларимиз Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партиямиздан кўрсатилган номзоднинг Сайловолди дастуридан ўрин олган устувор вазифаларни юқори савияда, маҳорат билан сайловчиларга етказиб, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловда муносиб иштирокимизни таъминлашга интилмоқдалар.

«Адолат» СДП матбуот хизмати.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Наримон Умаровга овоз беринг!

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган