XS.UZ
Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Соғлом авлод — давлат ва жамият таянчи Аҳоли билан мулоқот ва амалий тажриба «Профилактика куни» тадбирлари бошланди Қулай инвестиция муҳити иқтисодиётимиз юксалишига хизмат қилмоқда «Олтин қалам»: Ижодий изланиш ва рағбат Тадбиркорларга янги имтиёз ва имкониятлар Журналистика соҳасида «Олтин қалам» XII Миллий мукофоти Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ободлик ва фаровонлик кўзгуси Омбудсман 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотни депутатларга тақдим этди Ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишнинг муҳим босқичи Дўстлик ва ҳамжиҳатлик тараннуми Мурожаатларга оид амалий қўлланма Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Президенти Россия Ҳукумати раисининг ўринбосарини қабул қилди Ҳукуматлараро комиссия мажлиси Устувор вазифалар белгилаб олинди Қишлоқ хўжалигини модернизациялаш Таълим-тарбия соҳасига янгича ёндашув — барқарор тараққиёт гарови Алломалар меросига юксак эҳтиром Ижодий ҳамкорлик ва  маданий учрашувлар Яхши сўз, хайрли ташаббус Туркманистон Президенти билан телефон орқали мулоқот Туркманистон Президенти билан телефон орқали мулоқот Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида Улуғ шоирга эҳтиром Боқий қадриятлар эъзози «Бундай юксак ишончни, албатта, оқлаймиз!» Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш — давр талаби
  • 24 Май 2014

Фанорчи ота

Тор, қийшиқ кўчанинг ўксик оқшомини Турсунқул аканинг чурук дарвозаси тепасига ўтқизилган бир фанорнинг титрак нурларигина ёритар эди. Уни ҳар кун кечқурун паст бўйли, бурушиқ юзли бир чол келиб, ёқиб кетар эди. Биз уни “Фанорчи ота”, дер эдик. У жуда юввош, индамас кишийди, кичкина нарвончасини чаққон қўйиб, аллақандай усталик билан чиқар, қўлтиғидан кир рўмолчасини олиб, авайлаб фанор ойналарини артарди.

Фанорни ёққач, ерга тушиб, обкашдек букилган елкасига нарвончасини қўйиб бирпасда кўздан йўқолар эди.
Фанор қурилган вақтларда бутун маҳалла қувониб, унга аллақандай меҳр ила қараган бўлсалар-да, бу меҳр узоққа чўзилмаганди. Кейинча ҳар ким унга парвосиз бўла бошлади.
Айниқса, маҳалла болалари ила фанор орасида англашилмас душманлик уйғонди. Тўпланишиб, аввало, бир-биримизнинг дўппимизни отишар, фанорга дўппи кийгизган ўртоқ мерганлиги ила керилар эди. Кейинча бу ҳам бизни зериктира бошлади. Чунки пистон қадалган ёки ҳар турли ипаклар билан безалган дўппини кийиб олиб, фанор чиройли бир тус олар, бизни хафа қилгандек бўлар эди. Шунинг учун қўлимизга тош, кесак олиб, фанорга ҳужум қилишни ўргандик. Бунда у жуда кучсиз эди: кичкина бир кесак ёки тош парчаси бечора фанорнинг ойна кўзларини ўпириб туширарди. Кейин-кейин Фанорчи ота ҳафтада уч-тўрт марта унга “янги кўзойнак” тақиб кетишга мажбур бўларди. У кетди, дарров биз янги “кўз”ини ўйиб олардик. Шундай бўлса-да, Фанорчи ота “лом” деб оғиз очмасди. Унинг бу қилиғи бизга сира ёқмас, тутиб олиш учун пойласа, ҳатто, биронтамизни тутиб урса экан, дер эдик. Аммо шу тилаклардан биттаси ҳам юзага чиқмасди.
Бир кун, намозшом вақти, кўчада болалар кўп эди. Ичимизда энг кўп қўрқмайдиган, энг баттол Қосим чўлоқ:
— Болалар! — деди.
Чангга ботган юзларимиз янги бир нарса кутиб, унинг кўзларига тикилдик.
— Фанорчи ота келадиган вақт яқин. Синдирамиз. Нима қилар экан? — деди-да, қўлга илинадиган бир нарса қидира бошлади.
Қўлларимиздан ғизиллаб учган тош-кесаклар фанорнинг ҳамма кўзларини тешиб ўтган эди. Узоқдан Фанорчи отанинг букилган кичкина қомати яқинлаша бошлади. Нарвонча елкадан тушиб, таъзим ила деворга суянди. Фанорчи ота унинг устига чиқди-да, “чирт” этиб, гугуртни ёқди: фанор тўрт тарафдан қулаган уй каби ажиб тусда, яна бир томонга қийшайиб турар эди. Биз ҳаммамиз керилиб турар эдик. Баъзилар “пиқ-пиқ” кулишди. Чол касал одамга ўхшаб, секин-секин пастга тушди. Ўсиқ қошлари тагида қисилиб ётган кўзлари ила ҳаммамизга ялингансимон қаради-да, майин бир товуш билан:
— Тентак болаларим, бу қандай гап? Фанорга тегмасанглар, бир нарса бўладими? У юқорида, сизлар пастда ўйнай беринглар-да.
Болалар жим бўлган эди.
— Сизлар ҳали ёш, кўзларингиз ўткир. Қоронғи ҳам, ёруғ ҳам баравар. Хуфтон бўлмасдан оналарингизнинг қучоғида пиш-пиш ухлаб қоласиз, ҳаммангиз. Бизга ўхшаш қари-қартанглар учун чироғ жудаям керак, — деди.
Болаларнинг кўзи чолда эди.
— Тунов куни кечаси қаттиқ ёмғир ёғиб турган эди. Бу ёққа келсам, кўча қоп-қоронғу. Фанорнинг тешик ойнасидан шамол кириб ўчириб қўйган. Ана у ариқнинг бўйига борганимда бир нима сувни шапиллатарди. Ёпирай, нима экан, деб фанорчамни ариққа тутсам, мендан ҳам қари бир киши ариқдан чиқолмай ётган экан. Дарров қўлидан тортдим, бир амаллаб четга чиқардим, ҳамма ёғи лой, жиқ-жиқ сув.
Болалардан бири:
— Вой, бояқиш, соқолиям, юзиям лойми?
— Ҳамма ёғи лой бўлган... Кейин етаклаб уйига элтиб қўйдим, — деди чол.
Менинг кўзимга Фанорчи отанинг дегани шундай кўриниб келганди, Қосим чўлоқ:
— Ёлғон-ёлғон! — деб бақирди. Болалар бирдан:
— Рост! — деб жавоб қайтаришди.
— Ким энди синдирса, шуни тутиб берамиз отамга, — деди Аҳмад.
Фанорчи ота:
— Ҳа, баракалла, энди синдирмайсизларми? — деди.
— Йўқ-йўқ, — жавоб бердик биз шу замон. Кичкина нарвонини яна елкасига илиб, чол қоронғиликка кириб йўқолди.
Шундан бери, ҳақиқатан, фанорга ҳеч шикаст тегмади. Ҳозир шу фанорнинг ўрнида сим тўр билан ўралган тухумдан каттароқ электр лампочкаси ёниб туради. Унинг учун на ёқувчи, на гугурт, на мой керак. Ҳеч бир бола тегажаклик қилиб тош ҳам отмайди. Унинг ёруғида юрганда ёшлигимнинг бир парчасини ва Фанорчи отанигина хотирлайман.

Ойбек.

Таниқлигу шарафинг отангдандир, меҳрибонлик, мушфиқлик онангдандир.
Сенга энг яхши маслаҳат: мутакаббирлик билан юзингни тескари бурма ва шон-шуҳратинг билан фахрланма.

ЗАМАХШАРИЙ.

Киши кўзини чангдан, тутундан, иссиқ ва совуқликда мўътадил бўлмаган ҳаволардан, қаттиқ совуқ ва иссиқ шамоллардан сақлаши лозим. Кўзни узоқ вақтгача бир нарсадан ажратмай тикилиб туришдан сақланган яхши. Кўп йиғлаш кўзни тозалаб турувчи тадбирлардандир.

Абу Али ибн СИНО.

Ҳар кимдан сўз олиб, кенгаш сўрар эдим. Лекин айтилган ҳар бир маслаҳатнинг яхши-ёмон томонлари ҳақида ўйлаб кўргач, тўғри ва савоблироғини танлаб олардим.

Амир ТЕМУР.

Туйғу

Баҳрамандлик
Китоб — бебаҳо қадрият, буюк хазина. Бу хазинадан баҳраманд бўлаверган сари ҳеч тугамайди, аксинча, кишининг қуввайи ҳофизаси юксалиб бораверади. Ўқиганлар билан ўқимаганларни, оқиллар билан жоҳилларни ҳеч қачон тенглаштириб бўлмайди. Шу жиҳатдан, китоб одамни одамдан фарқлашга ёрдам беради.
Баланд ва ҳашаматли биноларни моҳир усталар қуради. Уларга олимлар, оқиллар, донишмандларнинг китоблари ёруғлик олиб киради. Инсон вужудини руҳидан ажратиш мумкин эмас. Руҳсиз танада жондан асар йўқ. Шунга монанд покиза жамиятни, ориф одамлар муҳитини яхши, фойдали, умрбоқий, ҳикматли, таъсирчан китобларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Минг йиллик маънавий жавҳарларни ўзида жамлаган китоблар ҳамма даврларда ҳам жамиятнинг маънавий кўрки бўлиб келган.
Дунёдаги турфа тилли минглаб, миллионлаб одамлар гўзал ва боқий китоблар воситасида бир тилда сўзлашади. Умри узоқ, тирик китоблар ўз муаллифини, айни чоғда, ўзи мансуб миллатни дунёга танитади. Китоблар халқлар орасидаги ижтимоий-сиёсий, илмий-адабий, маданий-маърифий алоқаларни кучайтиради. Маърифатталаб зиё аҳлининг кўнглини мустаҳкам боғлайди. Яхши китоб ёлғиз инсонга энг ишончли ҳамроҳ, беминнат дўст,  насиҳатга муҳтож одам учун энг доно маслаҳатгўй...
Гарчанд китобот ва хаттотлик санъати техник жиҳатдан ўрама қоғоз ёки уларни беш-ўн нусхада қўлда кўчириб кўпайтиришдан тортиб, то миллионлаб ададда босиб чиқариш, ҳатто электрон китоблар яратишгача бўлган узоқ масофани босиб ўтган бўлса ҳам, китобнинг вазифаси, инсонлар ва жамият ҳаётидаги ўрни, қадр-қиммати мутлақо ўзгаргани йўқ. Бутун дунёда нанотехнологиялар, электрон дарсликлар, интернет саҳифалари ва билим олишнинг шу каби бошқа воситалари ёруғлик тезлигида ўсаётган бўлса ҳам, КИТОБга қизиқиш сўнмайди. Дунёдаги бошқа бирорта восита китобнинг ўрнини босиши қийин. Одам яхши китобларни варақлашдан, мутолаа қилишдан завқланади, оқ қоғозга муҳрланган инсон қалбининг ҳароратини, кўз нурининг рангларини ҳис этади, юрак зарбини сезиб туради.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, қайси мавзуда ёзилганидан қатъи назар, яхши китобга талаб ҳар доим бор ва бундан кейин ҳам бўлади. Тўғриси, ўқилавериб муқоваю ички саҳифалари анча-мунча уриниб қолган, ҳатто титилиб кетган китоб муаллифлари бахтлидир ва аксинча...
Дарвоқе, китоб ўқиганларнинг ҳаммаси ҳам оқил ва доно, фаросатли ва маслаҳатгўй бўладими? Китоб ўқиш билан мақтаниб кибрга кетиш, ўзини бошқалардан баланд тутиш маданиятданми? Юзлаб, минглаб китобларни ўқиб уқмаганлар, ҳаёт тарзига, ахлоқига, виждонига, иймонига татбиқ этмаганлар борлигидан кўз юмиш — ҳақиқат юзига тескари боқишдир. Китобдан баҳра олиш — ботинни, руҳни тозалаш, ичкарини нурлантиришдир. Юзлаб ҳикматли китоблар ўқиган олимнинг яқинлари — ота-онаси, фарзандлари, жуфти ҳалоли, қариндош-уруғи, дўстлари кўнглига етказган чигитдек озори, тўғриси, виждонли одамни ўкситади. Ўқиган китобига амалсиз олимдан кўра, гўё умрида бирор китобни варақламагандек, ҳеч нарса билмагандек жим ўтириб, сукут сақлаш минг бора афзал ва аълодир.
Инсон ҳаётига татбиқ қилинган китобларнинг умри ҳар куни узаяди. Ҳаётимиз дастурига мос, турмуш муаммолари ечимига муносиб китоблар тирик яшайди ва яшнайди.

Баҳодир КАРИМ.

Боқий сатрлар
«Учмоққа қанот йўқ вале учгаймен»
Эй дўсти азизларим, жудолик этманг,
Кўп ҳою ҳавас бирла хатолик этманг.
Бир жумлада сўзлар каби мардона туринг,
Амр ўлди вафоки, бевафолик этманг...
* * *
Ҳар лаҳза ғаминг чекиб, ғаминг олгаймен,
Ҳар лаҳза ғаминг била яна қолгаймен,
Ҳарчандки ғаминг чекиб-чекиб жон бердим,
ўам улки, ғаминг чекиб-чекиб, толгаймен...
* * *
Юзингга боқиб юзлари гулшан эрдим,
Кўзингга боқиб кўзлари равшан эрдим.
Дедимки, йироқ тутай ёмон кўзлардин,
Ёнингда ёмон кўзли магар ман эрдим?..
* * *
Мен зарраву хуршедлик ойим сенсан,
Бемор ғамингману давойим сенсан.
Учмоққа қанот йўқ вале учгаймен,
Сомон бўлибман, каҳрабойим сенсан.

Жалолиддин РУМИЙ.

Улуғлик

Сўнгги илинж
Абу Райҳон Беруний дардга чалинди. Ҳозиқ табиблар имкон қадар муолажа қилдилар, аммо беморнинг аҳволи яхшиланмади. Аксинча, дард кундан-кунга кучайиб борарди. Бу дунёдан насибаси узилаётганини олимнинг ўзи ҳам сезиб турарди. Лекин унинг жўшқин табиати илму ирфон уммонидан сўнгги қатрагача олиб қолиш илинжида эди.
Бир куни уни кўргани дил маҳрами қози Валважий қадамранжида қилди. Ҳол-аҳвол сўрашгач, Беруний деди:
— Тунов куни нотўғри даромад хусусида бир нима дедингиз, вале, далилингиз, чала қолиб эди. Ўша мавзуга қайтсак...
Қози ажабланди.
— Ҳозир бу масалани муноқаша этмак мавридими, Мавлоно? — деди у. — Халлоқи оламдин сизга офият тилайдурмен, иншооллоҳ, ўшандай саодатли кунларга қолдирайлик бул масалани.
Беруний ранжиганнамо деди:
— Эҳ, дўстим! Сиз ҳам ярамга туз сепмангиз. Бу фоний дунёдан бир масала ечимини билмасдан ўлиб кетгандин кўра, билиб кўз юмган афзал эмасму? Айтинг энди!
Қози Берунийнинг товушидаги амрона оҳангга бўйсунишга мажбур бўлди ва нотўғри даромад борасидаги тахминларини батафсил сўзлади. Олим кўзларини юмганча тинглади ва хўрсинди.
Сўнг Валважий ортга қайтди. У уйига етар-етмас, ортидан шумхабар келди: Беруний оламдан ўтган эди.

Давронбек ТОЖИАЛИЕВ
тайёрлади.

Ҳадис
Кишининг табиати дўстининг табиатига ўхшаши керак. Сизлар ҳар бирингиз кимлар билан ва қандай табиатли инсонлар ила дўст эканингизга диққат қилинг.
 
Мутолаа
«Одамлар сени билмаса ҳам, сен одамларни бил»
 Ўзингникигина эмас, ўзгаларнинг нодонлиги ҳам ёзишга халақит беради.
Китоб — бойлик. Лекин сотиб олингани эмас, ўқилгани.
Кичкина бир яхшилик қилиш учун ҳам одам (балки буюк одам) бўлиш керак; катта ёмонлик қилишга кичик одам ҳам қодир.
Қалам сўзнинг соясини чизади.
Бойликни бойлик қилган — ўзимиз. Агар унга бунчалик сиғинмасак, у бир тийинга арзимас эди.
Юрак қони билан ёзган одам узун ёзолмайди.
Табиат — яхшилик ва гўзалликнинг бевосита ифодаси.
Одамлар сени билмаса ҳам, сен одамларни бил.

Ривоят

Асосли даъво
Бир туякаш бўлган экан. Кўп машаққат билан поёнсиз чўллар ва кенг саҳролар оралаб меҳнат қилар, уч-тўрт сўм мояна топиб, болаларини едириб-ичираркан. Биргина туяси билан бутун бошли оилани боқаркан. Жонивор ҳар икки йилда болалар, соҳибини қимрон билан таъминларди.
Кунларнинг бирида туя йўқолиб қолибди. Туякаш изтироб чекиб, уни излаб кўп жойларни сарсон-саргардон кезибди. Карвонсаройлар, бозорларни айланиб чиқибди. Аммо туясидан дарак бўлмабди. Хомуш, афтодаҳол бўлиб  уйига қайтаётса, қассобхонага дуч келибди. Қараса, қўй, мол, от, туя гўштларини қатор тизиб қўйибди. У лаҳмларга синчиклаб қараб, тўсатдан туясининг гўштини таниб қолибди. “Бу менинг туямнинг гўшти” деб дод солиб юборибди. Қассоб ҳайрон, нима қиларини билмабди. Сўнг туякашни ҳайдаб солишга тушибди. Бирпасда оломон тўпланибди. Ҳеч ким туякашнинг ёнини олмабди. Шунда ақлли бир одам: “Яхшиси, қозининг олдига боринглар, у сизларга маъқул гапни айтади”, дебди.
Одамлар гуруллаб қозининг ҳузурига келибди. Қози туякашга: “Ҳайвонларни гоҳо тириклигида таниш қийин бўлади-ю, сен қандай қилиб шу гўшт туянгники эканлигини билдинг? Даъвоингни исботла, бўлмаса беш дарра уришга буюраман”, дебди.
— Эй, тақсирим, — дебди туякаш. — Менинг туям урғочи эди, уч марта болалаган, сувсиз, янтоқсиз саҳрода ҳар бир боласини ялаб, меҳрини бериб катта қилгунча адойи тамом бўларди. У сўнгги боласидан жудо бўлганида юрак-бағри эзилиб, жигари пора бўлганди. Ана, қаранг, жигарининг соғ ери йўқ.
Туякаш жигарни боши узра баланд кўтариб, одамларга кўрсатибди.
Юрт қозиси қассобга қараб: “Сен туяни қаердан, кимдан олгансан? Рост сўзла, ёлғон сўзласанг, беш дарра уришга буюраман”, дебди.
— Тақсирим, — деб гап бошлабди қассоб, — бир кун кечаси нотаниш киши эшигимни қоқди. Очсам, новча бир одам туя ушлаб турибди. Шуни олинг, қанча берсангиз ҳам розиман, шошиб турибман, деди. Мен туяни ярим баҳосига сотиб олдим.
Туякашнинг даъвоси исботи билан эканлигини ақлли, донишманд қози дарров фаҳмлабди. Ва одилона ажрим қилибди. Қассобга: “Гўштни сен ол, туякашга бир урғочи туя олиб берасан”, деб буюрибди.
Атрофдаги одамлар ҳукмдан рози бўлишибди.

Худойберди ТЎХТАБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси халқ ёзувчиси.

Дурдона

Кўнгил ўрнида бўлса, жон жойида бўлади.

Ёмғир билан ер кўкарар, тинчлик билан эл кўкарар.

Онангни кифтингда тутсанг, синглингни бошингда тут.

Дўстинг билан дилдош бўл, қилар ишига қўлдош бўл.

Ўзбек халқ мақоллари.

Мазкур рукиндаги бошқа мақолалар: « Топмадим

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган