XS.UZ
Халқ ичига кириб бориб, одамлар билан мулоқот қилиш — инсон манфаатларини таъминлашнинг муҳим омили Аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш Жамият маънавий ҳаётининг асосий мезони Танқидий таҳлил ва шахсий жавобгарлик — ёрқин келажак пойдевори Бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик — тараққиёт гарови Замонавий савдо мажмуаси «The Seoul Times»: «Ўзбекистоннинг давлат сиёсатида инсон манфаатлари устувордир» Кичик бизнес истиқболи ишбилармонларга берилган имтиёзларга бевосита боғлиқдир Қўшимча имконият Германияда Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг тақдимоти Германияда Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг тақдимоти Ёшлар камоли учун масъулмиз Солиқ маъмурчилиги хусусий сектор ривожига хизмат қилади Зарар миқдори ҳисоблаб чиқилди Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки вице-президентини қабул қилди Фракцияларда ҳаётий масалалар, долзарб вазифалар кўриб чиқилди «Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар юқори баҳога лойиқдир» Оналар кўнглидаги розилик — бу бутун халқимиз қалбидаги розилик ифодаси Замонавий саноат марказлари Имтиёз ташаббусга ундади Мақсад — тараққиётга кўмаклашиш Истомин Жоковични мағлуб этди Қўшимча даромад манбаи Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Cоғлом авлод — келажак пойдевори Азизлари қадр топган юрт Смартфонлар бозори ривожланмоқда Юксак ишонч ва масъулият Дўстлик кечаси Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш — доимий эътиборда
  • 03 Май 2014

Ихтиёрий муаммо

қулоқ орқали вужудга зарар етказади

Тиббиётда юқумли касалликларнинг кенг тарқалишига “эпидемия” атамаси қўлланилишини ҳамма яхши билади. Бу, асосан, қандай хасталиклар билан боғлиқ жараён экани ҳам кўпчиликка маълум. Аммо сўнгги йилларда одамлар орасида шундай бир одат шаклландики, уни ҳам ҳеч иккиланмасдан эпидемия турлари қаторига қўшса бўлади. Бу қулоқчин (наушник)лардан фойдаланишнинг тобора оммалашиб бораётганидир. Автобус, метро, трамвай ёки кўча-кўйда ҳар куни ана шундай манзара гувоҳига айланамиз. Қулоғи “банд”лар орасида турли ёш вакилларини учратиш мумкин, уларнинг асосий қисми эса ёшлардир.
Айтишингиз мумкин, “технология ривожланган даврда яшаяпмиз, хўш, бунинг нимаси ёмон?” деб. Тўғри, биз ҳам ушбу қурилманинг имкониятларини инкор этмаймиз. Лекин ундан фойдаланишда муайян меъёрлар мавжудки, унга амал қилинмаса, инсон саломатлиги билан боғлиқ нохуш ҳолатлар келиб чиқиши эҳтимолдан йироқ эмас.
Қулоқчинлар — ажойиб ихтиро. Уйда ёки ишда ҳеч кимга халақит бермасдан, мусиқа эшитиш ёки улар ёрдамида ташқи муҳит таъсиридан холи бўлиш мумкин. Бироқ бир суткада шундай йўл билан 3 соатдан ортиқ узлуксиз мусиқа тинглаш организмнинг эшитиш тизими учун хавф келтириб чиқариши амалда исботланган.
Умуман, дунё миқёсида қулоқчинлардан фойдаланувчилар сонининг ортиб бораётгани, айниқса, бунда ёшлар сафининг кенгаяётгани шифокорлар хавотирига сабаб бўлмоқда. Чунки кўпроқ кексаларда учрайдиган эшитиш қобилиятининг пасайиш жараёни охирги йилларда ёшларда ҳам аниқланмоқда. Бунга, асосан, қулоқчинлар сабаб бўлаётгани беморлар билан суҳбатларда, ўтказилган таҳлиллар натижасида ойдинлашаяпти. Ваҳолонки, қулоқчинларга ружу қўймаган соғлом инсонларда эшитишнинг ёш билан боғлиқ ўзгариши, одатда, 30 ёшдан кейин юзага келади ва улар аҳамиятга эга бўлмаган ўзгаришлар сифатида баҳоланиб, 55-60 ёшлардан кейин сезила бошлайди. Эшитишнинг мана шундай табиий ҳолатдаги пасайиб бориши 1979 йилгача Ер шарининг 80 фоиз аҳолисига хос ҳолат эди. Қолган 20 фоиз аҳолида эса бундай муаммо бахтсиз ҳодиса ёки касаллик туфайли пайдо бўларди. Аммо ХХ асрнинг 70-йилларида портатив плеер ихтиро қилинганидан сўнг мазкур касаллик “ёшара” бошлади.
Аслида қулоқчинлардан оқилона фойдаланилса, у ҳеч қандай зарар келтирмайди. Масалан, касбий мажбуриятлари туфайли бир қанча соҳа вакиллари — овоз режиссёрлари, диспетчерлар ишда қулоқчинлардан фойдаланишади. Шунга қарамай, уларда эшитишнинг пасайиши баланд овоздаги мусиқа шайдоларига нисбатан кеч кузатилади. Чунки меъёрга амал қилинади.
 Қулоқчинларнинг инсон организмига таъсирини қуйидаги таҳлиллар билан янада батафсилроқ тушунтирсак:
Инсон қулоғи шунақа тузилганки, у частотаси 16 дан 20000 герцгача бўлган товушларни фарқлай олади. Ушбу диапазондаги частоталар ноғора пардасини тебратади ва эшитув нервларидан бош мияга етиб боради. Бош мияда келган тебранишларни товушлар каби қабул қилувчи қисмлар мавжуд. Тиббиёт ходимлари фикрига кўра, соғлом қулоқ қабул қилиши мумкин бўлган энг паст товуш, бу — 10-15 децибел. Пичирлаб гапириш — 20, оддий сўзлашув 30-35 децибелга тенг бўлиб, қичқириш 60-65 децибелни ташкил қилади. 85 децибелгача бўлган товушни инсон 8 соатгача соғлиғига зарарсиз тинглаши мумкин. Бироқ 90 ва ундан юқори децибелга эга товуш қулоқлар учун хавфли саналади. Мусиқа тинглашга мўлжалланган мосламалар, хусусан, MP3 плеер, CD плеер, мобиль телефонлар 110 ва ундан юқори децибелгача бўлган овозни етказиб бериш имкониятига эга. Уларда товуш даражасини аниқ баҳолаш функцияси мавжуд эмаслиги боис тингловчи меъёрга эътибор қилмай, 110-130 децибелгача мусиқа эшитади ва бора-бора бунга мослашганини сезмай қолади. Бу эшитишга жиддий салбий таъсир кўрсатади.
Табиатан ички қулоқни ҳимоя қилиш учун механизм ишлаб чиқилган. Юқори ва паст частотали товушлар таъсир этганда, узанги ва ноғора пардани таранглаштирувчи мускуллар қисқаради ҳамда ички қулоққа борувчи йўлни беркитиб қўяди. Агар бу таъсир узоқ вақт давом этса, мускуллар чарчайди ва ички қулоқни ҳимоя қилмай қўяди. Бундан ташқари, асосланмаган чарчоқ ҳисси пайдо бўлади.
Баъзан қулоқчин ёрдамида куй-қўшиқ тинглаётган шундай одамларга дуч келамизки, овознинг баландлигидан ўша мусиқа беихтиёр бизга ҳам эшитилади. Бундай манзара, асосан, метро хизматидан фойдаланаётганларда, кўпинча ёшларда кузатилади. Улар ташқи шовқиндан ҳимояланиш мақсадида ихчам, қулоқ ичига жойлашувчи эшитиш мосламаларини тақиб олишган бўлади. Ваҳолонки, бундай қулоқчинлар эшитув йўлини ёпади. Хўш, у яна қандай муаммони юзага келтиради? Гап шундаки, ташқи эшитув йўлида церумен (чирк) ишлаб чиқарувчи безлар мавжуд бўлиб, қулоқчинлар ана шу йўлнинг терисини босади ва уни таъсирлантириб, кўп миқдорда церумен (чирк) ишлаб чиқарилишига, унинг тиқинига айланишига олиб келади.
“Наушник” таққан одам бир вақтнинг ўзида икки хил ҳолатда юради: танаси ҳақиқий ҳаётда бўлса, муҳим сезги аъзоларидан бири саналган эшитиш — ўзга оламда бўлади. Албатта, бу икки олам бир-бири билан кесишмайди, шунинг учун унинг мияси атрофдаги вазиятни тўғри баҳолай олмайди, диққат ва эътиборни йўқотади. Кейинги вақтларда пиёдалар иштирокида юзага келаётган айрим йўл транспорти ҳодисаларининг сабабларидан бири ҳам шу билан бевосита боғлиқ. Буни йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари ҳам алоҳида тилга олиб ўтишади.
Шифокор сифатида тавсиямиз, ташқи шовқиндан қутуламан, деб қулоқчинлардаги мусиқани баландлатманг, сокинликка одатланинг. Ишдан, ўқишдан сўнг мазмунли дам олишга интилинг. Имкони борича сўлим хиёбонларда, табиат қўйнида, сув бўйларида сайр қилинг. Руҳингизга енгиллик беринг. Қолаверса, чекувчиларга алоҳида маслаҳатимиз, бу иллатни ташланг. Чунки чекиш ҳам узоқ муддатли шовқин таъсиридан сўнг эшитишнинг пасайиш хавфини икки баравар оширади.

Улуғбек ҲАСАНОВ,
Тошкент тиббиёт академияси кафедраси доценти,
тиббиёт фанлари доктори.

Мазкур рукиндаги бошқа мақолалар: « Асл олтин Малоҳатдур ҳусни одамзод »

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган