XS.UZ
Халқ ичига кириб бориб, одамлар билан мулоқот қилиш — инсон манфаатларини таъминлашнинг муҳим омили Аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш Жамият маънавий ҳаётининг асосий мезони Танқидий таҳлил ва шахсий жавобгарлик — ёрқин келажак пойдевори Бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик — тараққиёт гарови Замонавий савдо мажмуаси «The Seoul Times»: «Ўзбекистоннинг давлат сиёсатида инсон манфаатлари устувордир» Кичик бизнес истиқболи ишбилармонларга берилган имтиёзларга бевосита боғлиқдир Қўшимча имконият Германияда Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг тақдимоти Германияда Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг тақдимоти Ёшлар камоли учун масъулмиз Солиқ маъмурчилиги хусусий сектор ривожига хизмат қилади Зарар миқдори ҳисоблаб чиқилди Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки вице-президентини қабул қилди Фракцияларда ҳаётий масалалар, долзарб вазифалар кўриб чиқилди «Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар юқори баҳога лойиқдир» Оналар кўнглидаги розилик — бу бутун халқимиз қалбидаги розилик ифодаси Замонавий саноат марказлари Имтиёз ташаббусга ундади Мақсад — тараққиётга кўмаклашиш Истомин Жоковични мағлуб этди Қўшимча даромад манбаи Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Cоғлом авлод — келажак пойдевори Азизлари қадр топган юрт Смартфонлар бозори ривожланмоқда Юксак ишонч ва масъулият Дўстлик кечаси Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш — доимий эътиборда
  • 26 Март 2016

Хуррамлик ва саодат фасли

Мумтоз адабиётимиз, хусусан, Алишер Навоий асарларида баҳор ва Наврўз бот-бот тилга олинган. Зеро, улуғ шоир Наврўз кунини қадр кечасидек муборак ва хосиятли кун, деб атайди.

Шунингдек, 1489 йилда Наврўз байрами ва Рамазон ҳайити бир кунга тўғри келганини “Фавойид ул-кибар” девонининг 420-ғазалида қуйидагича тавсифлаган:
Мувофиқ кийдилар, бўлмиш магар Наврўз ила байрам,
Чаман сарви ёшил хилъат, менинг сарви равоним ҳам.
ўазал бошдан-охиргача баҳор фаслида яшнаб, одамларнинг кўзига нур ва қалбига сурур бағишловчи сарв дарахти ҳамда сарвиқомат дилбарнинг таърифига бағишланган. Бу билан Навоий кўкламнинг ҳаётбахш насимидан уйғониб, боғбоннинг ҳайратига сабаб бўлган дарахтларнинг жилваси Наврўз баҳонасида яшил рангдаги кийими билан олам аҳлини ўзига маҳлиё айлаган паризоднинг хироми байрам устига байрамдек бўлиб, вужуд  ва руҳнинг яйрашига олиб келади, дея таъкидлайди. Наврўз ва ҳайитнинг бир кунга тўғри келишини Навоий яхшиликка йўйиб, азалий қадриятлар ўз моҳиятига кўра, бири-бирини инкор этмасдан, аксинча, мазмунан бири-бирини бойитиши, кишиларни бирдамлик, аҳилликка чорлашини айтган.
Кейинги байтларда сарвқомат ёрнинг тасвири берилади: сарв дарахти баҳор насимидан мева тугмасдан, беҳосил умри хавфидан тебраниб турган пайтда, дилбарнинг шамолдек еладиган учқур, қора отда сайрга чиқиши, сарв дарахтига қўниб, гул шавқида сайраётган булбул билан юзи қизариб, терлари шабнамдек товланиб турган гулрухсор нигор тавсифи кўнгилга хушнудлик, фараҳ олиб киради. Бу сатрларни ўқиган кишида беихтиёр баҳорий кайфият пайдо бўлади:
Чаман сарви қолиб бебар, менинг сарвим бўлуб дилбар,
Ани ел айлабон музтар, бу елдин секретиб адҳам.
Қўнуб ул сарв уза булбул, чекиб гул шавқидин ғулғул,
Бу сарв узра очилиб гул, анга тердин тушуб шабнам.
Мажозий маънода сарв — руҳий ҳуррият тимсоли,
сабо — тонгги ёқимли ҳамда майин шамол. Сабо тонг чоғи, кўклам ва ёз фаслларида эсиб, дов-дарахтлар, гулу гиёҳларни қишки уйқудан уйғотади. Гуллар чангланиб, дарахтлар мева тугишига муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Боғдаги сарв шамол тебранишидан ҳар замонда ерга қараб энкайишини тамсил қилган шоир, бир лаҳза бўлса-да, йўлида нигорон, тупроқдек хоксор ошиқнинг ҳолига назар солишига умид боғлайди. Ана шу байтдан бошлаб, мажозий муҳаббат ҳақиқий ишққа етказувчи кўприк сифатида талқин қилинади:
Қилиб оҳим сари парво, буён майл этмадинг қатъо,
Сабодин, эй қади раъно, бўлур ҳам сарв гаҳ-гаҳ хам.
Кейинги байтда шоир гул фасли ва гулюзлар даври ўткинчи эканлигини таъкидлаб, огоҳлик ҳамда маърифат келтирувчи, муштоқликни зиёда этувчи майдан сипқоришни истайди. Бу билан шоир яхши кунларни ғанимат деб билиш, шодлик ва хурсандчилик, висол ҳамда дийдор онларидан шукроналик ҳиссини туйиш, байрам кунларида вақтни сарҳисоб қилиб, ойдин келажакни бугундан қуриш лозимлигини таъкидлайди. Бунга эса, фақат огоҳлик, маърифат ва иштиёқ билан етишмоқ мумкин:
Бу боғ ичра май, эй соқийки, бормен асру муштоқи
Ки, анда сарв ҳам боқий эмас, гул аҳди ҳам маҳкам.
Навоий хуррамлик ва саодат ёр висолида эканлигини, боғу бўстон сайри ва очилган гуллар тамошоси ошиқ кўнглини шод этолмаслигини таъкидлайди. Бу, биринчидан, ошиқлик маслагининг баённомаси бўлса, иккинчи томондан, инсон — энг мукаррам зот, табиат гултожи, ҳар қандай байрам фақат яқин ва азиз инсонлар билан нишонланиши мумкинлигининг шоирона ифодасидир. Шу сабабли, улуғ шоир наврўзий ғазалини дўст дийдори тилаги билан тугаллайди:
Навоий, кўйин эт манзил, юзу қаддиға бўл мойил
Ки, боғ этмас сени хушдил, гулу сарв айламас хуррам.

Олимжон ДАВЛАТОВ,
навоийшунос.

Мазкур рукиндаги бошқа мақолалар: « Юрт таърифи «Гулу сабза айёмида бўлди тўй...» »

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган