XS.UZ
Халқ ичига кириб бориб, одамлар билан мулоқот қилиш — инсон манфаатларини таъминлашнинг муҳим омили Аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш Жамият маънавий ҳаётининг асосий мезони Танқидий таҳлил ва шахсий жавобгарлик — ёрқин келажак пойдевори Бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик — тараққиёт гарови Замонавий савдо мажмуаси «The Seoul Times»: «Ўзбекистоннинг давлат сиёсатида инсон манфаатлари устувордир» Кичик бизнес истиқболи ишбилармонларга берилган имтиёзларга бевосита боғлиқдир Қўшимча имконият Германияда Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг тақдимоти Германияда Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг тақдимоти Ёшлар камоли учун масъулмиз Солиқ маъмурчилиги хусусий сектор ривожига хизмат қилади Зарар миқдори ҳисоблаб чиқилди Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки вице-президентини қабул қилди Фракцияларда ҳаётий масалалар, долзарб вазифалар кўриб чиқилди «Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар юқори баҳога лойиқдир» Оналар кўнглидаги розилик — бу бутун халқимиз қалбидаги розилик ифодаси Замонавий саноат марказлари Имтиёз ташаббусга ундади Мақсад — тараққиётга кўмаклашиш Истомин Жоковични мағлуб этди Қўшимча даромад манбаи Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Cоғлом авлод — келажак пойдевори Азизлари қадр топган юрт Смартфонлар бозори ривожланмоқда Юксак ишонч ва масъулият Дўстлик кечаси Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш — доимий эътиборда
  • 13 Февраль 2016

«Юз туман обрўю иззат кўр»

Заҳириддин Муҳаммаднинг ўз оиласига, яқинларига бўлган муносабатидаёқ одамийликнинг олий намунасини кўрамиз. У “Бобурнома”да отаси Умаршайх Мирзони ҳиммати баланд ва адолатли,  эътиқодли ҳамда саховатпеша шахс, шижоатли ва қўрқмас саркарда, хушхулқ, хушмуомала киши сифатида тавсифлайди.

Тақдир тақозоси боис 12 ёшида отасидан жудо бўлган Бобур зиммасига давлат бошқарувидан ташқари, оила аъзоларининг ҳаёти учун масъуллик ҳам тушди. У бутун ҳаёти давомида ана шу мажбуриятни жуда теран ҳис этди. Унинг “дилбар шахс” (Жавоҳарлаъл Неру таърифи) эканлиги катта миқёслардаги фаолиятидан тортиб онасига, аҳли аёлига бўлган ғамхўрлиги ва ҳурматигача, фарзандларига берган тарбиясигача намоён бўлади. Сарсон-саргардон, хавф ва мусибатга тўла кунларида у ёмғир ўтмайдиган ягона чодирини онасига бериб қўяди. Гулбаданбегимнинг ҳикоясига кўра, 1529 йилда Кобулдан Аграга келаётган завжаси Моҳимбегимни, отни эгарлашларини ҳам кутмай, пиёда чиқиб шахсан ўзи  кутиб олади. Бегимни отдан тушишга қўймай, жиловдорлик қилиб, уйгача келади! “Хамса”дай буюк асарни яратган Алишер Навоийга жиловдорлик қилиш Ҳусайн Бойқаронинг мартабасига тағин улуғворлик бахш этгани сингари, аёлга — ўз фарзандларининг онасига бундай илтифот кўрсатиши Бобур Мирзонинг ҳам тарихий шарафини янада юксалтирди. Бобур Аграга келган опаси Хонзодабегим ва бошқа аёлларни ҳам муайян масофаларга пешвоз чиқиб  худди шундай иззат-икром билан қарши олади. 

Бобур ўғил-қизлари тарбиясига ҳам эътиборли эди. У қисқа умрининг қарийб қирқ йилини жангу жадалларда ўтказган, давлат бошқаруви, элу халқ ташвиши, ижодий фаолият билан қаттиқ банд бўлишига қарамасдан, вақт ажратиб ўғиллари Ҳумоюн ва Комрон мирзолар учун маснавий йўлида шариат аҳкомлари содда баён этилган “Мубаййин” асарини яратади. Фарзандларини “жигарим бирла жонимга пайванд”  дея ардоқлаган Бобур Мирзо шу асарида сўз ўйини воситасида:

Давлату бахт била ҳумоюн бўл.

***

Комрон бўл жаҳонда, давлат кўр,

Юз туман обрўю иззат кўр,

— дея жуда самимий, дилининг туб-тубидан чиққан тилакларини изҳор этади. Мутахассислар фикрига кўра, Хожа Убайдуллоҳнинг “Волидия” рисоласи ҳам форсий тилдан Бобур томонидан фарзандларига дастуриламал сифатида ўзбек тилига ўгирилган. У ўғиллари Ҳумоюн ва Комрон мирзоларга мактублар битиб, ҳам салтанат ишларига оид маслаҳатларини, ҳам чин инсон бўлишнинг асл меъёрларини баён қилади.  

Бир гал Бадахшонни бошқариб турган Ҳумоюн бир йил мобайнида ота-онасини кўрмай, уларни қаттиқ соғинганидан вилоятини ташлаб, Кобулга келади. Бобур нохуш воқеалардан ташвишга тушса ҳам, дийдор қувончи боис ҳамма нарсани унутади. “Бобурнома”да ўқиймиз: “...ўшул соатким, биз анинг онаси билан отини тутиб, сўзлашиб ўлтуруб эдикким, ета-ўқ келди. Кўнгиллар гул янглиғ очилиб, кўзлар чироқдек ёруди”. 

Бобур қизларига ҳам оталикнинг бепоён ичкин муҳаббати билан қараб, ҳамиша уларнинг тақдири учун қайғурган. Гулбаданбегим отаси билан Аградаги учрашувни шундай хотирлайди: “...Ҳазрат бобом олдиларига бориб кўришиб, оёқларига ўзимни ташладим. Ҳазрат кўп ҳолу аҳвол сўрадилар. Бир неча вақт тиззаларига олиб ўтирдилар, шу вақтда ўзимни шундай бахтли ҳис қилдимки, уни тасвир қилиб бўлмайди”. 

Бобур Мирзонинг оилапарварлиги Ҳумоюнга ўз жонини садқа қилиши воқеаси билан ҳадди аълосига кўтарилди. Фидойилик ва меҳр-муҳаббат афсонасига айланиб кетган бу кечмиш ҳануз дилларни ларзага солади. Умрининг саноқли соату лаҳзалари қолган хаста Бобурнинг чор атрофга термулиб, “Ҳиндолни кўролмадим! Ҳиндол қачон келади?” дея зорланиши бу афсонага янада ҳасратли, янада улуғвор тус беради... 

Биз бугун тараққий қилган дунёда яшамоқдамиз. Албатта, ҳар бир одамнинг ўз ихтиёр-иродаси, ҳар бир халқнинг  қонун қабул қилиш ҳуқуқи,  ҳар бир мустақил давлатнинг дахлсиз маънавий сарҳадлари бор. Аммо бугун дунёнинг қайсидир пучмоқларида оила аталмиш муқаддас қўрғоннинг азалдан тайин этилган арконларига бепарво қараш, бинобарин, турли ғайриинсоний амаллар одамзод келажагига хавф солиб турганлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Ана шундай шароитда Президентимиз таклифи билан 2016 йилнинг мамлакатимизда “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши оилани, истиқбол эгалари бўлмиш фарзандларни асраш каби азалий қадрият юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигини кўрсатади. Энг олий инсоний фазилатларни авайлаш, уларни бус-бутун ҳолда авлодлар тасарруфига ўтказиш ҳар бир кишининг  бурчи, мажбурияти эканлиги, шубҳасиз. Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари улуғ аждодларимизнинг фаолияти, ўгитлари бу каби ишларга ҳамиша вобастадир.

 

Нодира АФОҚОВА,

филология фанлари доктори.

 

Мазкур рукиндаги бошқа мақолалар: « Ватан соғинчи Юрт таърифи »

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган